Россия разведкаси Ирландия парламенти аъзосини ёллагани маълум бўлди

Фото: picture alliance / Bildagentur-online/AGF/G. Masci

Россия разведкаси 2019 йилдан бери Кремлнинг тарғиботчиси ва элчиси вазифасини бажариб келган ирландиялик депутатни ёллаган. Бу ҳақда The Sunday Times хабар берди.

Нашр кимнинг исми ҳақида гап кетаётганини билишини, аммо «ҳуқуқий сабабларга кўра» сиёсатчининг исми ошкор қилинмаслигини қайд этади, мақолада у «Кобальт» лақаби билан аталади.

The Sunday Times маълумотларига кўра, у 2019-2022 йилларда РФнинг Дублиндаги элчихонасида ниқоб остида ишлаган россиялик жосус Сергей Прокопьев билан учрашган. Москва ва Дублин ўртасидаги кескинлик кучайган даврда ёллашнинг асосий мақсадларидан бири сифатида мақолада Буюк Британия, Ирландия ва ЕИ ўртасидаги муносабатларни издан чиқариш келтирилган.

Хавфсизлик органлари Россиядан ҳеч қандай пул мукофоти олмаган Кобальт «асал тузоғи» – душман разведкаси вакили қурбонни шармандали жинсий алоқаларга жалб қиладиган операция доирасида ёлланган деб ҳисоблайди. Нашр Кобальтнинг аёл-агент билан бир неча учрашувлари қайд этилганини, аммо у ҳеч қандай қонунни бузмагани учун ҳеч қандай чора кўрилмаганини таъкидлайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.