Россия қўшинлари Донецк областининг Покровский районига ракета зарбасини берди
Россия қўшинлари Донецк областининг Покровский районига ракета ҳужумини уюштирди. Отишма натижасида 11 киши, жумладан беш нафар бола ҳалок бўлди, яна саккиз киши яраланди. Донецк области ҳарбий маъмуриятининг раҳбари Вадим Филашкиннинг сўзларига кўра, Ровнода олти кишилик оила яшайдиган уйга снаряд тушган.
Россия томонидан тайинланган ДХР раҳбари Денис Пушилиннинг айтишича, бугун Донецк, Горловка ва Макеевка ўққа тутилган. Икки тинч фуқаро ҳалок бўлган, тўққиз киши яраланган.
Россия қўшинлари эрталаб Никополни артиллериядан ўққа тутди, дейди Днепропетровск области маъмуриятининг раҳбари Сергей Лисак. Отишма натижасида 45 ёшли маҳаллий фуқаро ҳалок бўлган, 16 ёшли қиз ва 66 ёшли эркак жароҳат олган.
Ярим тунда Харьков областининг Купянск шаҳрида тураржой биноси ўққа тутилди, дейди область маъмуриятининг раҳбари Олег Синегубов. Вайроналар остидан 61 ёшли аёл қутқариб олинди. У оёғидан жароҳат олиб, шифохонага етказилган.
Украина Бош прокуратураси маълумотларига кўра, эрталаб Россия ҳарбийлари Харьков областининг Волчанск шаҳрини миномётлардан ўққа тутган. Мина портлаши оқибатида маҳаллий аҳоли тан жароҳати олган.
Шарҳлар