Россия томонидан КХДР аскарларининг жалб қилинишига жавобан Жанубий Корея Украинага кучлироқ қурол-яроғ етказиб бериш ҳақида ўйламоқда
Жанубий Корея Шимолий Корея ва Россиянинг ҳарбий ҳамкорлиги чуқурлашиб бораётганига жавобан уларга қарши “босқичма-босқич чоралар” кўради. Сеул Украинага ҳужум ва мудофаа қуролларини юбориш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда, дейди Жанубий Корея миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчининг биринчи ўринбосари Ким Тэ Хё. Бунгача мамлакат Киевга фақат ноҳарбий гуманитар ёрдам кўрсатиш позициясига амал қилаётганди.
Ким бу ҳақда президентнинг Миллий хавфсизлик кенгашининг (МХК) фавқулодда йиғилишидан сўнг маълум қилди. Шимолий Корея Украина билан урушда Россияга ёрдам бериш учун 12 мингга яқин аскарини юборишга қарор қилгани ва улардан 1,5 мингга яқини Узоқ Шарққа етиб борганлиги ҳақидаги разведка маълумотлари муносабати билан чақирилди. У ерда улар Хабаровск яқинидаги казармаларда бурятлар ва ёқутлар қиёфасида машғулотлардан ўтишади.
Миллий хавфсизлик кенгаши бу ҳаракат Жанубий Корея ва халқаро ҳамжамият учун «хавфсизликка жиддий таҳдид» эканлигини ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Корея билан ҳарбий ҳамкорликни тақиқловчи резолюцияларининг «очиқ-ойдин бузилиши» эканлигини билдирди. «Ҳукумат Шимолий Корея қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақиради», – дея таъкидлайди Ким. Унинг огоҳлантиришича, агар бундай ҳамкорлик давом этса, Сеул “чеккада қараб турмайди, балки халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда қатъий жавоб беради”.
Шарҳлар