Россия Украинага дронлар билан ҳужум қилди. Одессада уч киши ҳалок бўлди, Днепрда кўп қаватли уй зарар кўрди
23 февралга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина ҳудудига дронлар билан зарба берди. Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотларига кўра, ҳужумга жами 31 та учувчисиз учар қурилма жалб қилинган, шуларнинг 23 таси Одесса, Николаев, Полтава, Днепропетровск ва Харьков вилоятлари осмонида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган.
Бундан ташқари, украиналик ҳарбийларга кўра, Россия қўшинлари Донецк вилоятининг босиб олинган ҳудудида туриб, С-300 тизимидан учта ракета, шунингдек, Қора денгиз акваториясидан Х-31П радиолокацияга қарши ракетаси ва иккита Х-22 қанотли ракетани учирган.
Одессада Қора денгиз устида уриб туширилган дронлардан бири қирғоқда жойлашган корхона ҳудудига келиб тушган, оқибатда ёнғин ва вайронагарчилик кузатилган. Уч нафар ходим ҳалок бўлган. Одесса вилоятига ҳужумда ҳам ракеталардан фойдаланилган.
Днепрда учар қурилма кўп қаватли турар жой биносига келиб тушган. Саккиз киши жабрланган. Қутқарувчилар вайроналарни кўздан кечирмоқда, у ерларда одамлар бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Днепрда дронлар ҳужуми натижасида корхоналардан бирига зарар етган.
Шарҳлар