,

Россия ҳукумати 2023 йилда дори сотиб олиш учун харажатларни қисқартирди. Таҳлилчилар фикрича, маблағ урушга сарфланган

Фото: ТАСС

Россия ҳукумати 2023 йилда 864,3 миллиард рубллик дори сотиб олган, дейилади Headway Company таҳлил компанияси ҳисоб-китобларида. Ушбу маълумотларга кўра, бу рақам 2022 йилдаги кўрсаткичдан 7 фоизга камдир.

DSM Group компанияси таҳлилчилари ҳам харид ҳажми қисқарганига эътибор қаратди. Уларнинг ҳисоб-китоблари бўйича 2023 йилнинг 11 ойи давомида давлат буюртмачилари 649,8 миллиард рублга дори сотиб олган бўлиб, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 23 фоизга кам.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 2023 йилда дори сотиб олиш учун давлат шартномалари ҳажми 2022 йилга нисбатан камайиш у ёқда турсин, аксинча, 36 миллиард рублга ошганини даъво қилмоқда. Таъкидланишича, ҳисоб-китобларда бюджет мажбуриятлари лимити ҳажмидан келиб чиқилган, кўрсатилган 36 миллиард рублга эса 2022 йилда тузилган, аммо дори етказиб бериш 2023 йилда ҳам давом этган шартномалар ҳам кириши мумкин.

Headway Company қайд этишича, 2023 йилда оғир касалланган беморларни дорилар билан таъминлайдиган федерал харидлар ҳажми энг кўп қисқарган. DSM Group қўшимча қилишича, минтақавий харидлар қарийб 20 фоизга қисқарган.

Headway Company стратегик ривожланиш бўлими бошлиғи Людмила Баландина фикрича, ўтган йили федерал харидларни молиялаштириш ҳажми қисқаришига ҳукумат аввалги йилларда зарур дори-дармонларни ғамлаб қўйгани сабаб бўлган. Яна бир сабаб эса, эксперт фикрича, Россия бозоридан бир қатор оригинал хорижий препаратлар чиқиб кетгани бўлган.

DSM Group бош директори Сергей Шуляк харидлар қисқаришини дори учун ажратилган бюджет маблағлари Россия армияси эҳтиёжларига йўналтирилгани билан боғламоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.