Россияда депутат билан муштлашган мигрантларга жиноий иш очилди. Уларнинг орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор

Foto: migrant.uz

Самара суди асли тожикистонлик икки маҳаллий аҳоли ва Ўзбекистон фуқаросини Давлат думаси депутати ҳамда унинг ҳайдовчисини ўлдиришга уринишда айблаб ҳибсга олди. Депутат кўчадаги муштлашув вақтида унинг боши ёрилгани ва ҳайдовчининг қўли синганини иддао қилган.

Дастлаб безорилик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган эди. Бироқ кейинчалик Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг илтимосига кўра, можаро иштирокчилари уюшган гуруҳ томонидан жамоат бурчини бажараётган икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уринишда айбланмоқда.

Воқеа 18 июль куни содир бўлган. Депутат Михаил Матвеевнинг айтишига кўра, у бир гуруҳ мигрантлар одамларга тегажоғлик қилаётганини кўрган ва уларни тўхтатмоқчи бўлган экан. Унинг ҳайдовчиси Василийнинг (фамилияси айтилмаган) елкасига таёқ, депутатнинг ўзи эса бошининг орқа қисмига шиша билан урилгани айтилган.

Ҳимоячилар гумонланувчиларни уй қамоғида сақлашни сўраган. 16 ёшли айбланувчининг онаси, Россия фуқароси, судда ўғлининг «Россия ватанпарвари» эканлигини айтиб, адвокат ишга «Рус айиғи» тилшунослик танловида қатнашганлик дипломларини киритишини сўраган.

Ундан ташқари ушбу ишда Тожикистонда туғилган 19 ёшли Россия фуқароси Некруз Бахиров ва Ўзбекистон фуқароси 19 ёшли Мурод Мусуров ҳам айбланмоқда. Айтишларича, Мусуров Матвеевнинг бошига урган. Унинг ўзи айбини инкор этиб, йиғилганларни ажратишга уринганини айтади. У учрашувда таржимон орқали мулоқот қилган.

Бахиров хабарга кўра, жабрланувчидан кечирим сўрашга тайёрлигини айтган. Вояга етмаган айбланувчи ўз айбини тан олмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.