Россияда экология вазири томонга югурган леопард отиб ўлдирилди
Манбага кўра, Россия экология вазири Александр Козлов томонга югурган ёш ва ноёб Ўрта Осиё леопардини унинг атрофидагилари отиб ўлдиришган. Бу ҳада BAZA нашри манбага ҳавола билан хабар қилади.
Маросимда вазир Козлов, унинг қўриқчилари, табиат қўриқхонасининг директори, қуролли инспекторлар, журналистлар ва бир нечта мутахассис иштирок этган. Леопардни қўйиб юбориш пайтида қандайдир хатолик юз берган, натижада Терек номли леопард одамларга, жумладан, вазир томонга қараб югурган. Қўлида қуроли борлар ҳайвонни ота бошлаган. Натижада леопард ўлдирилган. Экологлар 3 ойдан буён ҳайвонга ким ўқ узганини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда, аммо ҳозирча аниқ жавоб йўқ.
Терек 2 ёшли леопард бўлиб, Кавказдаги леопардларни қайта тиклаш марказида туғилиб-ўсган. Жорий йил ёзида уни Кавказ биосфера қўриқхонаси ҳудудига қўйиб юбориш учун тайёрлашган. Терек Адигейдаги «Катта Тхач» табиат боғига қўйиб юборилган.
Фожиадан сўнг Қўриқхона ишлари бўйича эксперт кенгаши Александр Козловга текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган. Леопардни айнан ким отгани номаълум, манбанинг айтишича, «ўша пайтда ҳамма отган, аммо кимнинг ўқи теккани номаълум».
Шарҳлар