Россияда «Крокус Сити Холл»даги терактда гумон қилинаётган яна тўрт киши ҳибсга олинди

фото: ren.tv

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт бўйича жиноят иши доирасида Россияда тақиқланган баталхажин террорчилик ташкилотининг тўрт нафар аъзосини қўлга олди. Бу ҳақда «Известия» ўз манбасига таяниб хабар бермоқда.

Полиция 22 ёшли Хусен Кулаев, 27 ёшли Махмуд Картоев, 28 ёшли Мансур Точиев ва 35 ёшли Магомед Санталиевни ҳибсга олди. Тергов маълумотларига кўра, бу шахслар концерт залига ҳужум қилган террорчиларга қурол етказиб берган гуруҳ аъзоларидан бири – Батир Кулаевга яширинишга кўмаклашган.

Манбанинг айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари гумондорларнинг уйларида тинтув ўтказган. Баталхажин террорчилик ташкилоти аъзоларидан бирининг уйидан қурол ва ўқ-дорилар топилган. Бундан ташқари, хавфсизлик хизмати ходимлари ташкилот етакчилари билан ёзишмаларни аниқлаган. Ушбу ёзишмаларга кўра, ташкилот «Крокус»даги терактга алоқадор шахсларни чет элга олиб чиқиб кетишга фаол ёрдам кўрсатган.

Илгари Москванинг Басманний суди «Крокус Сити Холл» ишига алоқадор уч нафар айбланувчининг қамоқ муддатини яна уч ойга узайтирган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.