Россияда мактаб ўқувчиси болға билан синфдошларига ҳужум қилди: жабрланганлар бор
Иркутск области Балаганск қишлоғидаги мактаблардан бирида 8-синф ўқувчиси ўз синфдошларига болға билан ҳужум қилди, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.
Ҳужум танаффус пайтида кийиниш хонасида, ўқувчилар жисмоний тарбия дарсига тайёргарлик кўраётган вақтда содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳужумчини зарарсизлантиришга муваффақ бўлган. Уч киши жабрланган, бироқ уларнинг ҳаёти хавф остида эмас.
Ҳужум қилган шахс қўлга олинган. РФ ЖКнинг 105-моддаси 2-қисм, “а, в” банди, 30-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноят асосида жиноий иш қўзғатилган, бу ҳақда Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг ҳудудий бошқармаси хабар беради.
“Жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилди, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч қандай хавф йўқ. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужум қилган вояга етмаган шахс билан ишламоқда”, — дейилади Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Иркутск области бўйича тергов бошқармаси баёнотида.
Иркутск области болалар омбудсмени Татьяна Афанасьева мактаб ўқувчилари олган жароҳатлар “арзимас” эканлигини айтган. Унинг маълумотларига кўра, ҳужум қилган бола «профилактик рўйхатга олинмаган, унда ҳеч қандай муаммо бўлмаган, у тўлиқ оилада тарбияланган».
.
Шарҳлар