Россияда ноқонуний муҳожирликни ташкиллаштириш ўта оғир жиноятларга тенглаштирилди

фото: rss.tvc.ru

Давлат думаси бир гуруҳ шахслар томонидан жиноят содир этиш учун ноқонуний миграция ташкил этилишини ўта оғир жиноят деб таснифловчи қонунни қабул қилди. Энди бу ҳуқуқбузарлик учун 8 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси, 3 миллиондан 5 миллион рублгача жарима ва лавозим эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш назарда тутилган.

Россия Федерациясининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ноқонуний миграция учун жазони кучайтириш мақсадида жами тўртта қонун қабул қилинди, дея хабар беради Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ўзининг Телеграм-каналида.

Шунингдек, Россияга ноқонуний киришни ташкил қилиш 2 йилдан 5 йилгача қамоқ билан жазоланади. Бундан ташқари, 500 минг рублгача жарима ҳам жорий этилмоқда. Сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний миграцияни ташкил қилиш 5 йилдан 10 йилгача қамоқ ва 1 миллион рублгача жаримага сабабчи бўлади.

Бундан ташқари, Давлат думаси қабул қилган қонунга кўра ноқонуний муҳожир томонидан жиноят содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида тан олинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.