Россиядан Европа Иттифоқига олмос олиб кириш тақиқланди
Европа санкцияларининг 12-пакетига кўра, Россия олмосларини Европа Иттифоқига тўғридан-тўғри олиб киришга қўйилган эмбарго 2024 йил 1 январдан кучга киради, деб ёзмоқда DW.
1 январь, душанба куни Россиядан Европа Иттифоқига носаноат табиий ва синтетик олмос ва заргарлик буюмларини тўғридан-тўғри олиб киришга қўйилаётган тўлиқ тақиқ кучга кирди. Бу Европа Иттифоқининг Россия Федерациясига нисбатан илгари қабул қилинган 12-санкция пакетига мувофиқ амалга оширилмоқда .
«Учинчи мамлакатларда қайта ишланган рус олмосларига нисбатан Европа эмбаргоси кейинроқ – 2024 йил 1 мартдан 1 сентябргача бўлган даврда кучга киради. Экспертлар ҳамжамиятининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия олмос савдосидан йилига 3,7 дан 4,6 миллиард еврогача даромад олади», – дейилади хабарда.
Нефт нархининг максимал шартларини кучайтириш
Бундан ташқари, 12-санкция пакети Россия нефтининг учинчи давлатларга экспорти бўйича нарх чегарасини кучайтиришни назарда тутади . Европа компаниялари Россия Федерациясидан Ғарб давлатлари томонидан киритилган нефт учун «нарх шифтига» риоя қилишлари тўғрисида далилларни тақдим этишлари керак бўлади.
«Пакет, шунингдек, Россияга экспорти Европа Иттифоқининг чекловчи чораларига дучор бўлган товарлар рўйхатини кенгайтирган. Бошқа нарсалар қаторида, тақиқ литюм батареялар, термостатлар ва кимёвий маҳсулотларнинг бир қатор тоифаларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, янги санкциялар пакети доирасида Европа Иттифоқи Украинага қарши урушни қўллаб-қувватловчи 140 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан чекловлар жорий қилди», – деб ёзади DW.
АҚШнинг янги санкциялари
Аввалроқ, 22 декабрь куни АҚШ президенти Жо Байденнинг фармони билан молиявий институтлар Россия ҳарбий-саноат комплекси манфаатларини кўзлаб, Россиянинг Украинага бўлган тажовузкорлигини қўллаб-қувватласа, уларга нисбатан янги санкциялар қўлланилиши мумкинлиги маълум бўлган эди .
Россия мудофаа саноати манфаати йўлидаги фаолият учун Вашингтоннинг санкциялар рўйхатига киритилган “ҳар қандай шахснинг манфаатларини кўзлаб ёки унинг номидан муҳим операцияларни амалга оширган” ёки бундай операцияларни амалга оширишга ёрдам берган ҳамда амалга оширишга ҳисса қўшган молия институтлари, бундай битимлар чекловларга дуч келиши мумкин», дейилади ҳужжатда.
Шарҳлар