Россиялик ҳарбий мухбир ва ҳарбий хизматчи Андрей Морозов “Мурз” ўз жонига қасд қилди
Россиянинг Z-«ҳарбий мухбири» ва Россия Қуролли Кучларининг 4-мотоўқчилар бригадаси ҳарбий хизматчиси, машҳур «Бизга Янинадан ёзишяпти» оммабоп каналини бошқарган (100 мингдан ортиқ обуначилар) Андрей (Мурз) Морозов ўзини отиб ташлади. Бу ҳақда Игорь Стрелковнинг рафиқаси Мирослава Регинская ва адвокат Максим Пашков хабар берган.
Морозовнинг каналида ўлим олдидан ёзган хабари пайдо бўлди. Унда у ўзининг ўлимини илгари «ЛНР» тузилмаларининг бир қисми бўлган Россия Қуролли Кучлари бригадаси қўмондонлиги, шунингдек, умуман Россия Қуролли Кучлари қўмондонлиги босими остида содир бўлаётганини тушунтиради.
Бир неча кун олдин Мурз Авдееэвкага ҳужум пайтида рус армиясининг катта йўқотишлари (16 минг киши) ҳақида хабар берганди. Шунингдек, у Санкт-Петербург ҳарбий прокуратураси 1487-полк аскарининг қўмондонликнинг ҳужум пайтидаги ҳаракатлари ҳақидаги шикоятини кўриб чиқишдан бош тортганини айтади. Мурзанинг сўзларига кўра, қўмондонлик тарғиботчи Владимир Соловьёвнинг танқиди туфайли йўқотишлар ҳақида сукут сақлашга қарор қилган.
“Бугун, ўртоқ полковник, сизнинг буйруғингиз билан мен ўзимнинг …телеграм каналимдаги постни ўчиришга мажбур бўлдим. Сизни эса эски армиянинг жамоавий масъулиятига таяниб, бу буйруқни беришга мажбур қилди. Агар у (пост) олиб ташланмаса, таъминот берилмайди. Снарядлар. Коптерлар. Янги танклар ва “БМП”. Буни қилишга сизни Владимир Соловьёв бошчилигидаги сиёсий фоҳишалар мажбурлаган, бунақалар ўзлари келиб тепкини босишга қўрқишади. Нима ҳам дердик, буни ўзим қиламан. Ҳеч ким бу арзимас ишни ўз зиммасига олишга журъат этмаса, ўзимни отиб ташлайман. Сизларга эса танклар ва коптерларни беришади. 2024 йил 21 февралдан бошлаб сизга қўнғироқ қилганларнинг барчасига, мен сизларда хизмат қилмаслигимни ва мен билан ҳеч қандай муаммо йўқлигини ишонч билан айтишингиз мумкин”, – деб ёзган Морозов ўлим олдидан ёзган хатида.
2000 йилларнинг бошларида Морозов миллатчи-сталинистик «Красный блицкриг» ҳаракатининг аъзоси эди. 2007 йил март ойида у Кутузовский проспектидаги ФСБ биносида «Единая Россия» неон лавҳасига ўқ узганди ва бунинг учун уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. У мухолифат вакиллари Илья Яшин ва Юлия Латининага ҳужум қилган провокатор сифатида ҳам танилган.
«ЛНР» томонида 2014 йилдан буён жанг қилиб келаётганди. Ёши 44 да эди.
Шарҳлар