Россияликлар учун Финляндиядан кўчмас мулк сотиб олиш тақиқланиши мумкин
Финляндия Мудофаа вазирлиги ишчи гуруҳи россияликларга республикадаги кўчмас мулкни сотиб олишни тақиқлаш учун асослар рўйхатини тақдим этди. Ҳисоботга кўра, бундай битимга рухсат берилмайдиган шахслар қаторига Евроиттифоқ томонидан бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлигини, суверенитетини ва мустақиллигини бузган деб эътироф этилган мамлакат фуқаролари киради. Россия Украинага қўшин киритгани сабабли бу мезонга тўғри келади.
Бундан ташқари, Финляндия миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган мамлакат фуқароларига ҳам кўчмас мулк сотиб олишга тақиқ қўйилиши таклиф қилинмоқда. Россия шундай мамлакатлар қаторига республиканинг хавфсизлик хизмати (Supo) томонидан киритилган.
Шунингдек, тақиқ бундай мамлакатлар ҳудудидаги юридик шахсларга ёки уларнинг эгаси шу мамлакат фуқароси бўлган ташкилотларга ҳам татбиқ этилади, деб қўшимча қилинган Мудофаа вазирлигида. Мамлакатлар бўйича батафсил қоидалар ҳукумат томонидан чиқарилади. Лойиҳани амалга оширишга оид қарорлар кейинроқ қабул қилинади.
Шу билан бирга, чекловлар Финляндия фуқароларига, бошқа мамлакат паспортига ҳам эга бўлган шахсларга ва республика ёки Европа Иттифоқи ҳудудий органлари томонидан берилган доимий яшаш ҳуқуқига эга шахсларга татбиқ этилмайди. Бундай шахсларга амалдаги қонун қўлланилади.
Январь ойида Финляндия Мудофаа вазирлиги миллий хавфсизликка таҳдид сабабли уч та кўчмас мулк битимини рад этган, улардан бири «Россия иштирокидаги» компания билан боғлиқ бўлган.
Шарҳлар