Россия ФХХ раҳбари: “Крокус”даги теракт бўйича 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди
“Крокус Сити Холл”даги терактга алоқадорликда гумон қилиниб 20 дан ортиқ киши, жумладан, теракт ижрочилари ва уларнинг шериклари қўлга олинди. Бу ҳақда 24 май куни Бишкекда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) директори Александр Бортников маълум қилди.
Унинг қайд этишича, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон махсус хизматлари ФХХ терговига ёрдам бермоқда.
“Ҳужумнинг тўрт нафар иштирокчисидан икки нафари ҳужумдан бироз олдин Туркиядан Россияга келган. Ҳибсга олинганлардан бири 4 март куни келганини тан олди. Унга кўра, одамларни ўлдиргани учун унга ярим миллион рубль таклиф қилинган”, — дейди ФХХ раҳбари.
Москва областидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига ҳужум 22 март куни содир этилди. Натижада камида 145 киши ҳалок бўлди. Терактдан сўнг бутун Россия бўйлаб Марказий Осиёдан келган муҳожирларга қарши оммавий тажовузкорлик ҳаракатлари бошланди. Жумладан, текширувлар, муҳожирларни ушлаб туриш ва уларни мамлакатдан чиқариб юборишлар бошланди.
Шарҳлар