Россия фойдасига айғоқчилик қилган Бундесвер зобити 3,5 йилга қамалди
54 ёшли зобит Томас Х. «махфий разведка фаолиятини» амалга оширишда айбдор деб топилди. Айблов хулосасига кўра, 2023 йил май ойидан бошлаб у Бонндаги Россия консуллиги ва Берлиндаги элчихона орқали Россия разведка хизматларига маълумотларни узатган, шунингдек, Россия расмийларига ҳамкорликни таклиф қилган.
Тахминларга кўра, судланувчи бу маълумотларни Бундесвернинг Кобленцдаги ускуналар, ахборот технологиялари ва техник қўллаб-қувватлаш бошқармасида ишлаган вақтида олган.
Томас Х. 2023 йил августида ҳибсга олинган. Судда зобит ўзининг руҳий ҳолати жуда ёмон эканлигини ва “Украинадаги урушда ядро қуроли ишлатилиши мумкинлигидан қўрқиб кетгани учун” Россия томони билан боғланмоқчи бўлганини айтади.
Зобитнинг айтишича, у Украинадаги эҳтимолий ядровий эскалация ҳақида маълумот олиш ва оиласини хавфсиз жойга олиб боришга улгуриш учун Россия консуллигига уч марта мурожаат қилишга уринган, бироқ Россия томони унга жавоб бермаган.
Шарҳлар