Евроиттифоқ Россия газидан тўлиқ воз кечишга тайёр
Европа иттифоқи айни пайтда Россиядан унинг Украинага истилоси бошланишидан аввалгига нисбатан уч марта кам газ импорт қилмоқда ва ҳамон ундан бутунлай воз кечиш ниятида. Бу ҳақда энергетика бўйича еврокомиссар Кадри Симсон маълум қилди, деб ёзади DW.
“Биз илгари Россиядан йилига 150 миллиард кубометр газ импорт қилардик, ҳозир эса — 50 миллиарддан кам. Бизнинг Россияга боғлиқлигимиз 2021 йилдаги 45 фоиздан 15 фоизгача пасайди”, — деди Симсон.
“Биз ҳам Россия газидан босқичма-босқич воз кечишни якунлашнинг тўлиқ тарафдоримиз, буни эса Европага энергетика етказиб беришларни хавф остига қўймасдан туриб амалга ошириш мумкин”, — деди еврокомиссар. Биринчи қадам сифатида у Украина орқали газ транзити ҳақидаги битимнинг амал қилишини тўхтатишни тилга олди. “Биз буни бир неча ойлардан буён қилиб келмоқдамиз. Биз тайёргарликни икки йил аввал бошлаганмиз. Евроиттифоқ Украина транзит йўналиши орқали етиб келаётган Россия газисиз яшашга тайёр”, — дея таъкидлади Кадри Симсон.
Қиш арафасида — 19 августдаёқ Евроиттифоқ газ омборлари 90 фоизга тўлиб бўлган, деди еврокомиссар.
Шарҳлар