Россия ТИВ мамлакат Украина бўйича иккинчи саммитда қатнашмаслигини билдирди
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Россия Украина ва унинг иттифоқдошлари томонидан тайёрланаётган иккинчи халқаро тинчлик саммитида қатнашмаслигини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Ташқи ишлар вазирлиги саммит баёнотини ультиматум хусусиятига эга ва иложсиз деб ҳисоблади, чунки унда Россия-Украина низосини тартибга солиш бўйича муқобил таклифлар эътиборсиз қолдирилган.
“Биз Киев режими ва унинг ғарбий раҳбарларининг июн ўрталарида Швейцарияда бўлиб ўтган муваффақиятсиз “тинчлик саммити”дан қайта тикланиш учун шунга ўхшаш яна бир тадбир ўтказиш ниятларидан хабардормиз”, — деди Галузин. Унинг сўзларига кўра, Россия Украина президенти Владимир Зеленскийнинг формуласида таклиф этилган “ультиматумларни мақбул деб ҳисобламайди”.
Эслатиб ўтамиз, Украина ҳукумати АҚШда президент сайловлари бўлиб ўтадиган ноябр ойигача тинчлик бўйича иккинчи жаҳон саммитини ташкиллаштирмоқчи. Бу сафар Украина Россия делегациясини таклиф қилишни режалаштирмоқда.
Тинчлик бўйича биринчи саммит 15—16 июнь кунлари Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида бўлиб ўтган, унга Россия таклиф этилмаган эди.
Шарҳлар