Россия Мудофаа вазирлиги ядровий зарба беришни машқ қилди
Россия армияси президент Владимир Путин НАТОга аъзо давлатлар Украинага қўшин жўнатишга қарор қилган тақдирда уларга зарба бериш билан таҳдид қилганидан бир кун ўтиб ядровий қуролларни оммага намойиш қилди, деб ёзади The Moscow Times.
Мудофаа вазирлиги ракетанинг жанговар тайёргарлиги ва жанговар каллаклари Камчатка ярим оролидаги Кура полигонига муваффақиятли етказилгани ҳақида эълон қилди. Машқнинг мақсади Ярснинг тактик ва техник хусусиятларини тасдиқлаш ва ушбу комплекснинг бошланғич батареясини қайта жойлаштириш тартибини ишлаб чиқиш бўлган.
Стокгольм тинчлик тадқиқот институти (СИПРИ) маълумотларига кўра, 2023 йил бошида Россия қуролли кучларида 171 та “Ярс” учирувчиси бўлган. Бу мажмуалар мамлакатда қуруқликдаги барча стратегик ядро қуроллари ташувчиларининг ярмидан кўпини ташкил қилади.
Президент Путиннинг 29 февраль куни Федерал Мажлисга қилган мурожаатида Ғарб давлатлари Украинага ҳарбий аралашуви содир бўлган тақдирда ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирилган. Путин Россия ўз ядровий арсеналидан кафолатли фойдаланишга тайёрлигини таъкидлаган ва тажовуз содир бўлган тақдирда “цивилизацияни йўқ қилиш” билан таҳдид қилган.
Шарҳлар