Россия Украина энергетика объектларига зарба берди. Ҳужум туфайли, Польша ўз авиациясини ҳавога кўтарди
29 мартга ўтар кечаси Россия армияси Украинага ракета ва дронлар билан ёппасига ҳужум қилди. Мамлакатда туни билан ҳаво тревогаси амал қилди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
“Укрэнерго” хабарига кўра, Россия энергетика инфратузилмаси объектларини нишонга олган. Зарба натижасида Украинанинг марказий ва ғарбий ҳудудларидаги иссиқлик ва гидроелектр станцияларига зарар етган.
Украина энергетика вазири Герман Галушченконинг сўзларига кўра, Днепропетровск, Полтава ва Черкаси вилоятларидаги электр энергиясини ишлаб чиқариш обектлари зарбалар остида қолган. Шунингдек, тунда Хмельница, Львов ва Ивано-Франков вилоятларида портлашлар ҳақида хабарлар берилган.
Днепропетровск вилоятида тунда 12 та ракета ва 12 та учувчисиз учар қурилма уриб туширилган. Днепровск, Кривой Рог ва Каменск туманларида бир нечта энергетика объектлари жабр кўрган, улардан бирида бир киши яраланган. Каменскда дала-ҳовли кооперативига зарба келиб тушган, беш нафар маҳаллий фуқаро, шу жумладан беш ёшли қизча яраланган.
Польша Қуролли кучлари қўмондонлиги Россиянинг Украинага ракета ҳужуми туфайли, тунда ҳарбий авиациясини ҳавога кўтарганини маълум қилди.
Шарҳлар