Россия Зеленскийни ўлдиришни режалаштирмаётгани маълум қилинди
Россия Украина президенти Владимир Зеленскийни ўлдиришни режалаштирмаяпти, дея маълум қилди Россиянинг БМТдаги доимий вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский. У шу тариқа Украина президенти Одессага борган вақтида у ерга зарба берилгани ҳақидаги баёнотга муносабат билдирди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“Одессадаги воқеа юзасидан қизиққонлик билан гапираётганларни ўзига оддий савол бериб кўришга чақираман. Наҳотки биз Зеленскийнинг кортежини ҳақиқатан ҳам нишонга олганимизда, унга теккиза олмаган бўлардик, деб ўйлайсизми?… Агар кимдир юрагининг туб-тубида Киев режими раҳбаридан шу йўл билан қутулишга умид қилаётган бўлса, ҳафсалангизни пир қилишим мумкин: бизнинг бундай режаларимиз йўқ”, — деди Полянский БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида. Унинг таъкидлашича, Россия денгиз дронларини ишлаб чиқариш цехини йўқ қилишга муваффақ бўлган, у бу нишонни Украина президентидан “анча муҳимроқ” деб атади.
Зеленский аввалроқ 6 март куни Греция бош вазири Кириакос Мицотакис билан Одессадаги портидаги учрашуви чоғида шаҳарга ҳаводан зарба берилганини айтган эди. Россия армияси 6 март куни, мамлакат Мудофаа вазирлиги даъво қилишича, Одессанинг порт ҳудудидаги “Украина қуролли кучлари экипажсиз катерларини жанговар мақсадларда қўллаш жараёнига тайёргарлик олиб борилаётган” ангарга зарба берган.
Шарҳлар