Россияда коронавируснинг янги FLiRT варианти аниқланди
Россияда коронавируснинг янги FLiRT варианти билан касалланиш бўйича 178 та ҳолат аниқланди, деб ёзади “РБК” “Роспотребнадзор”га таяниб.
“Бутун мониторинг даврида янги FLiRT вариантлари, шу жумладан, KP.2, KP.1.1, KS.1 вариантлари билан касалланиш бўйича 178 та ҳолат қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Идорада қайд этишларича, коронавируснинг аниқланган янги вариантлари унинг бошқа турларига нисбатан хавфлироқ эмас.
Аввалроқ олимлар FLiRT штамми туфайли, ёзда COVID-19 билан касалланиш авж олиши мумкинлигини маълум қилган эди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, FLiRT штаммлари Европанинг 14 та мамлакати ва Исроилда аниқланган. Олимлар фикрича, ушбу штаммлар касалхонага ётқизиш ёки касалликнинг оғир кечишига олиб келмайди.
FLiRT’га хос симптомлар коронавирус учун стандартдир. Бу иситма, йўтал, бурун битиши ёки оқиши, томоқ оғриши, таъм ёки ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши.
Шарҳлар