Россияда қуролли кучлар бош штаби бошлиғининг ўринбосари Вадим Шамарин ушланди
Россияда Қуролли кучлари (ҚК) алоқа бош бошқармаси бошлиғи, Бош штаб бошлиғининг ўринбосари, генерал-лейтенант Вадим Шамарин ушланди. Бу ҳақда “Известия” ўз манбасига таяниб хабар беради.
Манбага кўра, генерал 22 май куни қўлга олинган. Шу куни у тергов органларига олиб кетилган ва у ерда сўроқ қилинган.
Аввалроқ, 21 май куни Ҳарбий суд Россия ҚК 58-армиясининг собиқ қўмондони Иван Поповни икки ойга ҳибсга олган эди. Попов фирибгарликда гумонланиб ҳибсга олинган.
Бундан ташқари, 23 апрель куни Россия мудофаа вазирининг ўринбосари Тимур Иванов пора олганликда гумон қилиниб, 23 июнга қадар ҳибсга олинганди. У Мудофаа вазирлиги пудратчиларига мулкий манфаатлар эвазига ҳимоя берганликда айбланмоқда. Иш доирасида Сергей Бородин ва “ОлимпСитиСтрой” МЧЖ асосчиси Александр Фомин ҳам ҳибсга олинган.
Шарҳлар