Россиянинг Орск ҳудудидаги тўғон ўпирилиши бўйича жиноий иш қўзғатилди
Орскдаги тўғон ўпирилиши бўйича Россия Тергов қўмитаси (ТҚ) қурилиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 216-моддаси 1-қисми) ва масъулиятсизлик (Жиноят кодексининг 293-моддаси 1-қисми) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди, дея хабар беради ТҚнинг матбуот хизмати.
Илгари вилоят прокуратураси тўғоннинг ўпирилишини иншоотни “тегишли техник ҳолатда” сақлаш бўйича “ўз вақтида кўрилмаган чоралар” билан боғлаган эди.
Орск ҳудудидан оқиб ўтувчи Урал дарёсидаги тўғон 5 апрель куни кечқурун сув омборидан рекорд даражадаги сув чиқишидан сўнг ўпирилган. Охирги кунларда Оренбург областида сув тошқини авжига чиққанди.
Оренбург области маъмуриятининг маълумотларига кўра, уйма тўғон Урал дарёсининг 5,5 м баландлиги учун мўлжалланган, ҳозир эса сув сатҳи 9,6 м га етган.
Область ҳукумати маълумотларига кўра, деярли 11 минг киши истиқомат қилувчи 4258 та уй сув тошқини зонасига тушиб қолган.
Шарҳлар