Россиядаги Украина фуқаролари 2025 йил бошидан мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин
Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Россиядаги Украина фуқаролари 2025 йил бошидан муайян тартиб-қоидалардан ўтмаса ва “яшил карта” деб аталадиган ҳужжатни олмаса, мамлакатдан чиқариб юбориш чораларига дуч келиши мумкин.
Президент Владимир Путин томонидан имзоланган фармонга мувофиқ, Украина фуқаролари ҳамда “ДНР” ва “ЛНР” фуқаролигига эга бўлган шахслар Россия ҳудудида бўлиш муддатини чекламаган ҳолда, бармоқ изини рўйхатга олиш, фотосурат ва тиббий кўрик каби муайян тартиб-қоидалардан ўтиши шарти билан қолиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ушбу процедуралардан ўтгандан сўнг, Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органлари фуқароларга белгиланган шаклдаги махсус ҳужжат – «яшил карта»ни беради.
«Украина фуқаролари ва Донецк Халқ Республикаси ёки Луганск Халқ Республикаси фуқароси бўлган шахслар учун, бармоқ изини рўйхатга олиш, суратга олиш ва тиббий кўрикдан ўтиш шарти билан, Россия ҳудудида бўлиш муддатини чекламаган ҳолда қолиш ва рухсатномасиз меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи сақланиб қолади”, – дейилади хабарда.
Жорий йилнинг 31 декабрига қадар “яшил карта” олиш учун ариза берган Украина фуқароларига депортация чоралари қўлланилмайди ёки вақтинча бўлиш муддати қисқартирилмайди. Бироқ, ушбу ҳужжатни олмаган ва кўрсатилган тартиблардан ўтмаганлар 2025 йил бошидан Россиядан депортация қилиниши мумкин.
Донецк, Луганск, Запорожье ёки Херсон областлари ҳудудларида яшаш учун рухсатнома ёки доимий яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет элликлар учун Россия Ички ишлар вазирлиги ҳужжатлар асосида ушбу ҳудудларда яшаш ҳуқуқини 2024 йил 31 декабргача узайтирди.
Шарҳлар