Ростов областида дрон ҳужумидан кейин тўрт суткадан бери нефть базасидаги ёнғин ўчирилмоқда. Бу ҳақда нималар маълум

Фото: t.me/news161ru

Ростов областида Пролетарск нефть омборида 18 август куни Украина дронларининг ҳужумидан сўнг бошланган йирик ёнғинни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги авиацияси, махсус поездлар ва 500 дан ортиқ қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, уч кундан бери ёнғин ўчмаяпти.

42 нафар жабрланганнинг барчаси – ўт ўчирувчилар. Ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, бироқ тинч аҳолини эвакуация қилиш шарт эмас, дейди маҳаллий ҳокимият.

Вилоят губернатори Василий Голубев ўзининг телеграм-каналида ёнғинга уриб туширилган дронларнинг дизель ёқилғиси омборига тушган қолдиқлари сабаб бўлганини маълум қилган.

Биринчи ёнғиндан кейин ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришга киришган, бироқ тез орада дронларнинг такрор ҳужуми туфайли ишни тўхтатишга мажбур бўлган.

Ростовнинг 161.RU портали маълумотларига кўра, ёнғиндан чиққан тутун 25 км га чўзилган, нефть омборидан ўн километр радиусда қоронғулик бўлиб, тутун устунини 70 км узоқликдан кўриш мумкин.

Ўт ўчирувчилар ишни давом эттирмоқда, бироқ чоршанба куни тушлик пайтида ҳам ёнғин ҳали бартараф этилмаганди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.