Сўровнома: украиналикларнинг 70% Зеленский уруш якунигача президент лавозимида қолиши керак деб ҳисоблайди
Украинанинг етакчи социологик хизматларидан бири, Киев халқаро социология институти президент Владимир Зеленскийни қўллаб-қувватлаш даражаси бўйича навбатдаги сўров натижаларини эълон қилди. Жорий йилнинг май ойи охирида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 70 фоизи Зеленский ҳарбий ҳолат якунлангунича президент сифатида қолиши кераклигини билдирган.
Шундай қилиб, ушбу сўровга ишониладиган бўлса, украиналикларнинг аксарияти Украина президентининг қонунийлигига шубҳа қилмайди.
Россия президенти Владимир Путин Зеленскийнинг тўрт йиллик муддатидан кейин ҳам ўз лавозимида қолиш ҳуқуқини бир неча бор шубҳа остига қўйганди. Бироқ ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, Украина қонунлари уруш даврида сайловлар ўтказишни тақиқлайди ва амалдаги президентдан мамлакатнинг янги сайланган раҳбари ўз лавозимига келгунига қадар ўз вазифаларини бажаришини талаб қилади.
Сўров муаллифлари Украина аҳолисидан Зеленскийни қўллаб-қувватлаш даражаси ҳақида ҳам сўрашган. “КМИС” маълумотларига кўра, Украина президенти фаолиятини мамлакат аҳолисининг 56 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Бундан ташқари, 2023 йил кузида ўтказилган аввалги сўровда Зеленскийнинг фаолиятини респондентларнинг 77 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Социологларнинг қайд этишича, украиналикларнинг 58 фоизи мамлакат расмийлари музокараларда муросага бормаслиги ва керак бўлганида курашни давом эттириши керак, деб ҳисоблайди. Бу фикрга эга бўлганлар улуши ҳам сезиларли даражада камайган (2022 йил май ойида бу кўрсаткич 80 фоизни ташкил этган).
Шарҳлар