Швейцариядаги саммитда қатнашишга рози бўлган мамлакатлар 78 тагача камайди
Швейцарияда Украина бўйича бўлиб ўтадиган тинчлик саммитида ўз иштирокини тасдиқлаган мамлакат ва ташкилотлар сони 93 тадан 78 тагача қисқарди. Бу ҳақда “Радио Свобода” Евроиттифоқ мамлакатлари аноним дипломатларига таяниб хабар берди. Радиостанция суҳбатдошлари қайд этишича, саммитда қатнашишдан бош тортган мамлакатлар сони ошиши мумкин.
Радиостанция манбалари айнан қайси мамлакатлар бош тортганига аниқлик киритмади. Шунингдек, дипломатлардан бири ҳали ҳаммаси яхши томонга ўзгариши мумкинлгини ҳам айтди. Украина бўйича саммит 15—16 июнь кунлари Бюрганштокда бўлиб ўтади. Тадбирда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг тинчлик формуласидаги учта бандни муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.
Унга Евроиттифоқ, БРИКС, G20 мамлакатларидан 160 дан ортиқ делегация таклиф қилинган эди. ОАВлар маълумотларига кўра, саммитда қатнашишдан ЖАР, Бразилия ва Саудия Арабистони бош тортган. Россия саммитга чақирилмаган.
Шарҳлар