Мексика ва Никарагуа Украина бўйича саммитда қатнашишдан бош тортди
Мексика Украинадаги низони тартибга солиш бўйича Швейцария саммитига ўз вакилини юборишдан бош тортди, деб ёзади “Известия” ушбу мамлакат элчихонасига таяниб. Худди шундай қарор Никарагуа томонидан ҳам қабул қилинди.
Мексиканинг Россиядаги элчихонаси саммитга таклифнома олганини тасдиқлади. “Мамлакатимиз тинчлик тарафдори, шунинг учун тез орада низо томонларининг иккаласи ҳам қатнашадиган музокараларни ўтказиш имконияти пайдо бўлишига умид қилмоқдамиз”, — дея аниқлик киритишди дипломатик ваколатхонада.
Никарагуа Ташқи ишлар вазирлиги нашрга маълум қилишича, мамлакат “тинчликка йўл топиш мақсадига эга бўлмаган ушбу сиёсий майнавозчиликда қатнашмаган ва қатнашмайди ҳам”. Муассаса фикрича, бўлғуси тадбирнинг мақсади — “Россияга навбатдаги ультиматумни илгари суриш”.
Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича конференция Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида 15—16 июнь кунлари бўлиб ўтади. Тадбирда иштирок этишдан Хитой расман бош тортган, сабаб сифатида Россия унда қатнашмаётганини келтирган. Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва ҳам бормайди ва ўз ўрнига элчисини юборади. Шунингдек, Аргентина президенти Хавьер Милей ҳам саммитга боришдан бош тортди.
Шарҳлар