Ўзбекистон элчиси Саудия Арабистони ТИВ раҳбари ўринбосари билан учрашди
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Тургунов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари Али ал-Юсуф билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.
Унда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлашувларни ўтказиш ва Ўзбекистон фуқароларини виза талабларидан озод қилиш истиқболлари муҳокама қилинган.
Али ал-Юсуф Ўзбекистоннинг минтақада илғор ривожланиб бораётганини ва бир қатор йирик тадбирларга мезбонлик қилаётганини эътироф этган. Хусусан, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши юқори даражада бўлиб ўтгани таъкидланган ва шу йил март ойида Ар-Риёз шаҳрида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси ҳам муваффақиятли ўтгани қайд этилган.
«2023 йил 1 январь ойидан бошлаб Саудия фуқароларига Ўзбекистонга 30 кун муддатда визасиз кириш тартибини жорий этилгани бизни жуда қувонтирди. Бу ўз ўрнида сайёҳлар оқимини ошишига, ўзаро савдо ҳажмининг ортишига туртки бўлмоқда», – деди Саудия Арабистони ТИВ раҳбари ўринбосари.
Шарҳлар