Маск Трампнинг сайловолди кампаниясига ойига 45 млн доллардан хайрия қилмоқчи

Foto: Reuters

Бизнесмен Илон Маск АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трампнинг кампаниясига ҳар ой 45 миллион доллардан ажратишни режалаштирди. Бу ҳақда Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб ёзмоқда.

Маблағлар America PAC номли сиёсий фаоллик бўйича қўмитага ўтказилади. Бу ташкилот Трампнинг сайловолди штабига тўғридан тўғри алоқадор эмас. Ҳомийлар орасида, шунингдек, ҳарбий тузилмалар учун дастурий таъминот ишлаб чиқувчи Palantir Technologies ҳамтаъсисчиси Жо Лонсдейл, АҚШнинг Канададаги собиқ элчиси Келли Крафт ва эгизак Уинклвосслар ҳам бор.

Газета аниқлашича, America PAC иккиланувчи штатларда сайловчиларни рўйхатга олиш ва муддатидан олдин овоз беришга ундаш билан шуғулланади.

Аввалроқ Маск на Байден ва на Трампнинг сайловолди кампаниясини молиялаштиришни кўриб чиқмаётганини айтганди.

Май ойида Маск ва Трамп илгари бир-бирини танқид қилганига қарамай, сўнгги вақтларда Маскнинг ташаббуси билан ойига бир неча марталаб қўнғироқлашаётгани маълум бўлганди. Трампга нисбатан суиқасддан кейин Маск уни қўллаб-қувватлади ва Теодор Рузвельт даврларидан буён АҚШда “бунчалик зўр номзод” бўлмаганини айтди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.