Семизликни келтириб чиқарувчи янги омил аниқланди
Янги Зеландиянинг Отаго университети олимлари томонидан семизликни келтириб чиқарувчи янги омил аниқлади. Бунинг учун улар фарқли йилларда АҚШда қарийб 2,9 минг нафар ҳамда Европада 20 минг нафардан зиёд кўнгилли иштирокида ўтказилган тадқиқотлар натижалари таҳлил қилди.
Изланиш давомида юқоридаги илмий тажриба қатнашчиларининг вазн кўрсаткичлари ва қондаги C витамини концентрацияси ўртасидаги боғлиқлик ўрганилди.
Маълум бўлишича, семиз инсонлар организмда ушбу модда танқислиги кузатилади. Яъни ортиқча вазнга эга кишиларда C витамини сўрилиши ва унинг танадан чиқарилиши тезлашади. Натижада ҳужайралар яллиғланишига олиб келувчи оксидловчи стресс жараёни кучаяди.
Тадқиқотчилар хулосасига кўра, қандли диабетнинг 2-тури, жигарнинг алкоголсиз ёғ босиши каби касалликлар ҳам организмда C витамини даражаси пасайиши билан тавсифланади.
Шуларни инобатга олган олимлар танадаги C витаминининг минимал суткалик дозаси камида 45 мг бўлиши керак, деган хулосага келди. Семиз инсонлар организми эса ҳар 10 кг ортиқча вазн учун қўшимча 17-22 мг миқдорида бу дармондорини талаб қилади.
Мутахассислар ушбу янгилик тегишли клиник синовларда ҳам тасдиқлангандан сўнг тиббий амалиётга татбиқ этилиши мумкинлигини таъкидлади.
Шарҳлар