Сентябрь ойида Хитой ва Россия биргаликда ҳарбий машқларни ўтказади

Фото: report.az

Хитой Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг сентябрь ойида Россия билан “Шимол/Ўзаро ҳамкорлик – 2024” деб номланган қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилишини эълон қилди.

Машғулотларга ҳар икки давлат ҳарбий-денгиз кучлари ва авиацияси жалб этилади. Манёврлар Охот денгизи ва Япония денгизида, шунингдек, уларнинг устидаги ҳаво бўшлиғида бўлиб ўтади.

Хитой Мудофаа вазирлигига кўра, машғулотлардан мақсад “стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликка таҳдидларга биргаликда қарши туришга тайёрликни ошириш”дир.

Бундан олдин шунга ўхшаш машқлар – «Шимолий/Ўзаро ҳамкорлик – 2023» – 2023 йил 20 июлдан 23 июлгача Япония денгизида ўтказилганди. Шу йилнинг июль ойида Россия ҳарбий кемалари Хитойнинг жанубий қирғоқларида ўтказилган  «Денгиз ҳамкорлиги 2024» қўшма машғулотларида қатнашди.

Хитой ва Россия сўнгги йилларда ўзаро дўстликни “чегарасиз” деб атаган ҳолда яқинлашишди.

Хитой Украинадаги можарода бетарафликни даъво қилади, бироқ Ғарб етакчилари Пекинни Москвани сиёсий ва иқтисодий қўллаб-қувватлагани, жумладан, икки мақсадли товарлар савдоси учун танқид қилмоқда. Июль ойида НАТО етакчилари Хитойни Россиянинг Украинага бостириб киришида “ҳал қилувчи ёрдамчи” деб атаган декларацияни эълон қилди, Пекин эса НАТОни “қарама-қаршиликни қўзғатишдан” эҳтиёт бўлишга чақирди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.