Сербияда адолатсиз сайловлар сабабли намойишлар давом этмоқда
25 декабрь куни Сербияда минглаб одамлар Марказий сайлов комиссияси биноси олдига йиғилиб, халқаро кузатувчиларнинг фикрича қонунбузарликлар билан ўтказилган парламент ва маҳаллий парламент сайловлари натижаларини бекор қилишни талаб қилди, дея хабар беради Euronews.
Кейинроқ мухолифатнинг саккизинчи митинги иштирокчилари якшанба куни шаҳар мэриясидаги тартибсизликлар чоғида ҳибсга олинганларни қўллаб-қувватлаш учун пойтахт полициясининг бошқармаси томон йўл олди. Якшанба куни намойишчилар деразаларни синдириб, шаҳар мэриясига бостириб киришга уринган, уларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилган. Расмий маълумотларга кўра, тўқнашувларда 38 киши ҳибсга олинган, саккиз нафар полициячи яраланган. Мухолиф партиялар ҳокимиятни ҳаддан ташқари куч ишлатишда айбламоқда.
«Сербия зўравонликка қарши» марказий чап коалициядан депутат Мирослав Алексич намойишнинг юзига айланган талабаларга миннатдорчилик билдириш учун мегафон ишлатди:
“Сиз Сербиянинг фахри ва келажагисиз, айнан сизлар қандай давлатда яшашни танлашингиз керак. Шаҳрингиз ва Сербиянгиз учун кўчага чиққанингиз учун ташаккур”.
Республика сайлов комиссиясининг дастлабки натижаларига кўра, 17 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида ҳукмрон популистик Сербия прогрессив партияси 46,72 фоиз овоз тўплаган. «Сербия зўравонликка қарши» мухолифат блоки 23,56% овоз билан иккинчи ўринни эгаллаган.
Халқаро кузатув миссияси ўтган ҳафта СНС оммавий ахборот воситалари тарафкашлиги, президент Александр Вучичнинг сайлов жараёнига нотўғри аралашуви ва сайловчиларнинг порахўрлиги каби овоз беришдаги қонунбузарликлар туфайли ноҳақ устунликка эришганини айтди, бироқ Сербия расмийлари ҳар қандай қонунбузарликни рад этмоқда.
Шарҳлар