Сеул кўчаларида ҳарбий техника кузатилди

Фото: REUTERS/Kim Hong-Ji TPX IMAGES OF THE DAY

3 декабрь оқшомида Жанубий Корея президенти мамлакатда “ҳарбий фавқулодда ҳолат” эълон қилди. У ўз ҳаракатларини “Шимолий Корея тарафдори кучларни йўқ қилиш ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш” билан изоҳлади.

Жанубий Корея ҳарбий қўмондонлиги мамлакатдаги барча сиёсий фаолиятлар тўхтатилганини эълон қилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар устидан назоратни жорий этади.

Демократик партия раҳбари Ли Чже Мён президентнинг ҳаракатларини конституцияга зид деб атади, таркибига Юн Сок Ёл ҳам кирувчи ҳукмрон партия раҳбари ҳарбий ҳолат ҳақидаги қарорни “нотўғри” деб атади.

Полиция Миллий Ассамблеяга (парламентга) кириш ва чиқиш йўлларини тўсиб қўйди. Ҳудудга фақат ходимлар кириши мумкин. Парламент яқинида юзга яқин одам тўпланган, полиция билан тўқнашувлар бўлгани хабар қилинади.

Сеул кўчаларида ҳарбий техникалар кузатилган, афтидан ҳарбий вертолёт Миллий ассамблея устидан учиб ўтган.

Associated Press агентлигининг таъкидлашича, Юн Сок Ёл рейтинги сўнгги ойларда сезиларли даражада пасайгани учун у ҳарбий ҳолат эълон қилган. Ноябрь ойи охирида парламентда кўпчиликни ташкил қилувчи мухолифатдаги Демократик меҳнат партияси ҳукуматнинг бюджет таклифини рад этиб, давлат аудитори ва бош прокурорга импичмент эълон қилишга қарор қилган эди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.