Россия элчиси: Севастополга ҳужум америкалик мутахассислар иштирокисиз амалга оширила олмасди
Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов фикрича, Вашингтон Севастополга Америкада ишлаб чиқарилган АТАCМS ракеталари билан амалга оширилган ҳужумни “босди-босди қилиш”га уринмоқда. Зарбалар америкалик мутахассислар иштирокисиз берилган бўлиши мумкин эмас, деди у ва Қора денгиз устида деярли ҳар куни “дронлар айланиб юргани”га эътибор қаратди.
“Вашингтоннинг Россия фуқароларига қарши даҳшатли жиноятни босди-босди қилишга уринишлари жаҳлни чиқаради. Америкаликлар океан ортида ўтириб олиб, бегуноҳ одамлар қони ва кўз ёши учун жавобгарликдан қочиб кета олмайди… Вашингтондаги сиёсатчилар шуни аниқ биладики, АТАCМS ракеталаридаги кассетали ўқ-дорилар америкалик мутахассислар иштирокисиз ва АҚШ разведкаси кўмагисиз учирила олмайди”, — дейилади Антоновнинг изоҳида.
Россиялик дипломатнинг фикрича, Жо Байден маъмурияти “Киев режими жиноятларини намойишкорона қўллаб-қувватламоқда” ва “халқаро терроризм томонига ўтиб олган”. Унинг фикрича, буларнинг барчаси “Американинг сохта инсоний ташқи сиёсати ўлгани”дан далолат беради.
Россия Мудофаа вазирлиги даъво қилишича, Севастополь 23 июнь куни Америкада ишлаб чиқарилган АТАCМS узоқ масофали ракеталари билан ҳужумга учраган. Тўртта снаряд уриб туширилган, биттаси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари таъсирида траекториядан оғган, унинг жанговар қисми эса шаҳар устида портлаган. Кассетали ўқ-дорилар одамлар дам олаётган пляжга келиб тушган. Тўрт киши ҳалок бўлиб, 151 киши жабрланган. Пентагон ушбу маълумот юзасидан изоҳ бергани йўқ.
Шарҳлар