Шаман, Полина Гагарина, Иван Охлобистин, Кадировнинг жамоат фонди ва бошқалар ЕИ санкциялари рўйхатига киритилди
Европа Иттифоқининг расмий журнали россиялик жисмоний шахслар ва компанияларга тааллуқли санкцияларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди.
Украинага қарши урушни фаол қўллаб-қувватлаган актёр Иван Охлобистин ва қўшиқчи Шаман, шунингдек, қўшиқчи Полина Гагарина, Россия ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони адмирал Александр Моисеев, медиа-менежер Арам Габрелянов ва Чеченистон раҳбарининг онаси Аймани Кадировага (ва унинг фондига) қарши шахсий санкциялар жорий этилди. Рўйхатда жами 116 киши бор.
14-санкциялар пакетига киритилган йирик компаниялар орасида Россиянинг энг йирик “Совкомфлот” юк ташиш компанияси, “Уральские авиалинии” йўловчи авиакомпанияси ва “Волга-Днепр” юк ташувчи авиакомпания (эгалари билан биргаликда) бор.
Шахсий санкцияларга, шунингдек, уруш бошланганидан кейин Кремль Carlsberg халқаро концернидан олиб қўйган “Балтика” пиво ишлаб чиқарувчи компанияси президенти Таймураз Боллоев, миллиардерлар Роман Троценко ва Игорь Алтушкин, Россия-Беларусь иттифоқининг давлат котиби Дмитрий Мезенцев ҳам киритилган.
Собиқ спортчи ва телебошловчи («Заиф бўғин» ўйинини олиб борган), ҳозирда Москва шаҳар думаси депутати Мария Киселёва ҳам санкцияга тушди. Шунингдек, аннексия қилинган Қримдаги “Артек” болалар маркази ва Кремль билан ишлайдиган “Интернетни ривожлантириш институти” ҳам санкциялар рўйхатидан жой олди.
Шарҳлар