Шимолий Корея Япония томон ракета учирди
Шимолий Корея Япония денгизи томон қитъалараро баллистик ракетасини учирди, деб хабар бермоқда «Yonhap» агентлиги Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб.
Корея Республикаси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг маълум қилишича, ушбу учирилиш тахминан соат 7:10 да Пхенян ҳудудидан қайд этилган.
“Бизнинг қуролли кучларимиз кучайтирилган шайлик шароитида тўлиқ жанговар шайликни сақлаб турибди ва биз Шимолий Кореянинг баллистик ракеталари ҳақидаги маълумотларни АҚШ ва Япония расмийлари билан яқиндан алмашмоқдамиз”, — дейилади баёнотда.
Агентликнинг қайд этишича, учириш Жанубий Корея ва АҚШ мудофаа департаментлари раҳбарлари КХДР қўшинларининг Украина билан урушда қатнашиш учун Россияга ўтказилишини қоралаганидан бир неча соат ўтгач содир бўлган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, КХДР томонидан учирилган ракета аллақачон океанга тушиб кетган ва ҳечким зарар кўрмаган. Бироқ Япония бош вазири Шигеру Ишиба ҳарбийларнинг ҳисоботларини тинглаш учун Миллий хавфсизлик кенгашини чақириш нияти борлигини маълум қилди.
Шарҳлар