Шимолий Корея Россияга 10 мингга яқин аскарини юборди, баъзилари аллақачон Украинага яқинроқ жойлаштирилган

Фото: РБК

Шимолий Корея Россияга 10 мингга яқин аскар юборди ва улар яқин ҳафталарда Украина яқинидаги рус қўшинларига қўшилиши мумкин, деди душанба куни АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Сабрина Сингх журналистларга.

«Ушбу аскарларнинг баъзилари аллақачон Украинага яқинлашган ва биз Россия бу аскарлардан Россиянинг Украина билан чегараси яқинидаги Курск вилоятида украиналик аскарларга қарши жанговар ёки ёрдамчи жанговар операцияларда фойдаланиши мумкинлигидан тобора хавотирдамиз», – дея Сабрина Сингхдан иқтибос келтиради CБС телеканали.

АҚШ президенти КХДР ҳарбий хизматчиларининг Украинадаги урушда Россия томонида иштирок этиши эҳтимолига изоҳ берди. «Жуда хавфли», деди Байден.

НАТО бош котиби Марк Рютте душанба куни Шимолий Корея аскарлари Россиянинг Курск вилоятида борлигини расман тасдиқлаши мумкинлигини айтди.

Пентагон матбуот котиби бу ҳақда сўралганда, унга айтилганларга бошқа ҳеч нарса қўшмаслигини айтди.

Ўтган ҳафта Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси Шимолий Кореядан Россияга 12 мингга яқин ҳарбий хизматчи келгани ва уларни Украинадаги фронтга жўнатиш режалаштирилганини маълум қилган эди. Киевга кўра, бу ҳарбий хизматчиларнинг бир қисми аллақачон Украина Қуролли кучлари операция ўтказаётган Курск вилоятига етказилган бўлиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.