Шимолий Корея Жанубий Кореяга яна ахлат ва нажас шарларини учирди
Шимолий Корея Жанубий Кореяга яна ахлат шарларини учирди. Жанубий Кореянинг Ренхап агентлигига кўра, 1 июнь оқшомида ўнга яқин ҳаво шарлари Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги чегара чизиғини кесиб ўтган, шундан сўнг уларнинг аксарияти Сеулни ўраб турган Кёнги провинциясига учиб кетган.
Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси фуқароларга қулаган шарларга яқинлашмасликни ва бу ҳақда расмийларга хабар беришни тавсия қилган.
Бу бир ҳафта ичида иккинчи бор содир бўлмоқда. Ренхап хабарига кўра, 28 ва 29 май кунлари Шимолий Корея Жанубий Корея томон 260 га яқин чиқинди шарларини учирган.
Шимолий ва Жанубий Корея 1950 йиллардаги Корея урушидан бери ташвиқот кампанияларида иссиқ ҳаво шарларидан фойдаланган. Эндиликда Жанубий Кореяда яшовчи фаоллар ва шимолий кореялик дефекторлар шу йўл билан КХДРга ҳукуматга қарши варақалар, пуллар, шунингдек, тақиқланган газета ва китобларни жўнатишмоқда.
Ахлат шарларини учиргач, Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чен мамлакат ҳаракатларини “сўз эркинлиги” кўринишига, Жанубий Корея варақалари мазмунини эса “сиёсий чалкашлик”га қиёслаган.
Шарҳлар