Трамп суиқасддан кейин биринчи марта очиқ ҳавода нутқ сўзлади
АҚШ собиқ президенти ва ушбу лавозимга Республикачилар партияси номзоди сифатида даъвогарлик қилаётган Дональд Трамп ўзига нисбатан амалга оширилган суиқасддан кейин биринчи марта Шимолий Каролина штати Эшборо шаҳрида очиқ ҳавода сайловолди митингини ўтказди, деб хабар бермоқда DW. Суиқасддан кейин унинг омма олдидаги чиқишлари фақат бинолар ичида бўлиб ўтаётган эди.
Трамп нутқ сўзлаган трибуна атрофига ўқ ўтказмайдиган шиша ўрнатилди. Собиқ президент нутқининг ўртасида митингда иштирок этаётган аёллардан бирининг иссиқ ҳаво туфайли мазаси қочди, шундан кейин Трамп саҳнада туриб, аёлга тиббий ёрдам кўрсатишни сўради, сўнг ҳимоя қобиғидан чиқиб, оломон олқишлари остида ўз тарафдорини қучди.
Ўз нутқи чоғида Трамп демократлар партиясидан бўлган рақиби, АҚШ вице-президенти Камала Харрисга танқид ёғдирди ва уни АҚШ президенти лавозимига даъвогарлик қилганлар орасидаги “энг радикал сўл номзод” деб атади. “Агар ўртоқ Камала ноябрда ғолиб чиқса, Учинчи жаҳон уруши деярли муқаррар бўлади”, — деди у.
Шарҳлар