Шольц Украина учун узоққа отиладиган қурол бўйича коалиция ташкил қилинганини билдирди
Германия канцлери Олаф Шольц Украинани узоқ масофага урувчи артиллерия билан қўллаб-қувватлаш учун коалиция тузилганини эълон қилди. Бу қарор Рамштейн авиабазасида НАТО давлатлари вакиллари ва уларнинг иттифоқчилари ўртасидаги учрашувлар фонида қабул қилинди, дея хабар беради Bundestag.de. Шольцнинг таъкидлашича, янги ташаббус узоқ масофага урадиган ракета артиллерияси ёрдамида Украинанинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу маълумот унинг Германия ҳукумати расмий сайтида эфирга узатилган нутқи чоғида маълум қилинди.
Шу билан бирга, Шольц Европа давлатлари Россия билан ҳарбий қарама-қаршиликда иштирок этмаётганини таъкидлаб, Германия, Франция ва Польша қанча керак бўлса, шунча Украинани қўллаб-қувватлашига ишонтирди. “Веймар учбурчаги” доирасида жума куни Берлинда бўлиб ўтган йиғилишда уч давлат етакчилари – Шольц, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Польша бош вазири Дональд Туск Украинани қўллаб-қувватлаш жиҳатларини муҳокама қилишди.
Илгари Шольц Германия Украинага немис ҳарбий хизматчиларининг бевосита иштирокини талаб қиладиган қуролларни, ҳатто улар Украинадан ташқарида жойлашган тақдирда ҳам, етказиб бермаслигини таъкидлаган эди. Канцлер, шунингдек, мухолифат ва ҳукмрон коалициядаги айрим вакилларнинг босимига қарамай, Украинага узоқ масофали Taurus қанотли ракеталарини юбориш ғоясига қарши эканлигини билдирганди.
Шарҳлар