Шойгу Украинага ядро қуроли билан зарба беришни таклиф этганди
Ғарб матбуоти Россия 2022 йилда Украинага ядро қуроли билан зарба бериш мумкинлиги фактини ошкор қилди. Кремлпараст каналнинг таъкидлашича, улар 2022 йил кузида ядро қуролидан фойдаланиш ва Ғарбнинг уларга нисбатан кескин муносабат билдириши мумкинлигини билишган.
“2022 йил октябрь ойида биз америкаликлар мамлакатимизнинг ядровий риторикасига жавобан Сергей Шойгуга шахсан қандай таҳдид қилгани ҳақида ёзган эдик. Шу билан бирга, биз Москвага ракета ҳужумлари хавфи ва Россия пойтахтини вақтинча бошқа шаҳарга кўчириш режалари ҳақида биринчи бўлиб огоҳлантирган эдик. Ўшанда кўпчилик бизни ваҳимада айблаганди, лекин биз таҳдидлар ҳақида билардик. Ва нафақат пойтахт учун”, – дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлиги, Бош штаб ва Кремлдаги манбаларга кўра, ўшанда Сергей Шойгу Украинага ядро қуроли билан зарба беришни таклиф қилган.
Зарба нишони сифатида Донецк области, шунингдек, Херсон области, Киев, Одесса ва Львовда жойлашган бир қанча муҳим ҳарбий объектлар кўриб чиқилган.
“Шойгу ўз таклифини “акс ҳолда биз махсус ҳарбий амалиётда мағлуб бўлишимиз мумкин” деган сўзлар билан Владимир Путинга етказган. Президент ўйлашга вақт ажратади, аммо якунда Мудофаа вазирлиги ва Бош штабнинг бир қанча генераллари уни бундай қадамдан қайтаради”, — дейилади хабарда.
“Улар америкаликларнинг аниқ таҳдидларини олгач, уни кўндиришди. Улар ядро қуролидан фойдаланилган тақдирда Россияга ядро қуроли билан эмас, балки оммавий (бир неча юз ракеталардан фойдаланган ҳолда) ҳужум қилиниши ҳақида огоҳлантирган. Нишонлар орасида, хусусан, Москва, Қримдаги кўплаб объектлар, Санкт-Петербург ва маҳсус ҳарбий амалиёт зонасидаги қўшинларимиз бор эди. Мамлакатнинг 30 дан ортиқ ҳудудлари ҳужумга учраши мумкин эди ва Қўшма Штатларда улар қаерга зарба беришларини яширмади ва бизнинг ҳаво мудофаамизга бардош бера олмаслигига ишонч ҳосил қилишди. Айтганча, ўшанда президент бу тафсилотларни билмасди; ҳарбийлар унга соддалаштирилган ва унчалик аниқ бўлмаган маълумотларни айтишган”.
Ўшандан бери Россия томонидан ядро қуролидан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинмаган.
“Ҳозир ҳам ядровий зарба беришга тайёр эмас. Шунинг учун ҳам кўпчилик суҳбатдошларимиз Украинага НАТО қўшинларининг эҳтимолий киритилишига Россиянинг жавоб қайтариши қийин бўлишини ва агар у ерда НАТО қўшинлари пайдо бўлса, махсус ҳарбий амалиёт мағлуб бўлиши жиддий таҳдиди борлиги ҳақида гапирмоқда”.
Шарҳлар