Шри-Ланкадаги президент сайловида мухолифат етакчиси ғолиб бўлди
Шри-Ланка президенти сайловларида “Миллий халқ ҳукумати” мухолифат альянси етакчиси Анура Кумара Диссанаяке 42,31 фоиз овоз билан ғолиб чиқди, деб ёзади “Коммерсантъ”. 2019 йилги сайловларда у 3 фоиз овоз тўплаганди.
Амалдаги президент Ранил Викремесингхе учинчи ўринни эгаллади, ундан олдинда эса яна бир мухолифатчи сиёсатчи — Сатжит Премадаса жойлашди.
Анура Кумара Диссанаяке 2014 йилдан Шри-Ланканинг JVP коммунистик партиясига раҳбарлик қилиб келади. Унинг сайловолди кампанияси мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш ҳақидаги ваъдаларга асосланган эди.
Бундан аввалги президент сайловлари Шри-Ланкада 2019 йилда ўтказилган бўлиб, Готабая Раджапаксанинг ғалабаси билан тугаган эди. 2022 йил июлида у мамлакатдаги оммавий норозиликлар фонида истеъфога чиққан, президент лавозимини эса парламент қарори билан Ранил Викремесингхе эгаллаган эди.
Шарҳлар