Швеция Украинани уч йил давомида ҳарбий томондан қўллаб-қувватлаш учун 7,02 млрд доллар ажратади
Швеция ҳукумати ва уни қўллаб-қувватловчи Швеция демократлари (ШД) партияси Украинани 2024-2026 йилларда 75 миллиард крон – йилига 25 миллиард крон (мос равишда 7,02 ва 2,24 млрд доллар) миқдорида ҳарбий қўллаб-қувватлашнинг уч йиллик дастурини шакллантириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда ҳукумат девони хабар беради.
“Швециянинг Украинани қўллаб-қувватлашини кучайтириш мақсадида <…> ҳукумат ва Швеция демократлари 2024-2026 йилларда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш доирасини белгилашга келишиб олдилар. Швеция ёрдамни оширади, унинг ҳажми 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳарбий ёрдам кўринишида 75 миллиард крон, йилига 25 миллиард кронни ташкил этади”, — дейилади хабарда.
Натижада Швециядан Украинага ҳарбий ва фуқаролик ёрдами 100 миллиард кронга (9,35 миллиард доллар) етади. Мудофаа соҳасида бу ҳарбий техникани тақдим этиш, молиявий бадаллар ва техника сотиб олиш учун маблағларни ўз ичига олиши мумкин, дея тушунтиради маҳкама.
Ҳукумат «мамлакат ичидаги қайта қуролланиш Украинани доимий қўллаб-қувватлаш билан бир вақтда амалга оширилиши керак»лигини алоҳида таъкидлайди. Шу сабабли, ҳукумат ва ШД Киевга ёрдам “Швеция мудофаа салоҳиятини оширишга путур етказмаслиги” ёки “бошқа зарур ислоҳотлар”ни амалга оширишга халақит бермаслиги керак деган фикрга қўшилади.
Шарҳлар