Швейцария Украина бўйича “тинчлик саммити”ни ўтказади. Унга Россия таклиф қилинмайди
Швейцария Украина бўйича давлат раҳбарлари ва етакчилари даражасида глобал учрашувга мезбонлик қилмоқчи. Бу ҳақда Швейцария Федерал кенгаши раиси Виола Амгерд Украина президенти Владимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади Meduza.
“Жаноб Зеленский мендан Швейцария олий даражада учрашув ташкиллаштиришга тайёрлиги ҳақида сўради. Мен Швейцария конференция ташкиллаштиришга тайёрлигини тасдиқладим. Тинчлик ўрнатиш жараёни муваффақиятли кечиши учун, ушбу масалани чуқур кўриб чиқишга келишиб олдик”, — дея қўшиб қўйди у.
Зеленский, ўз навбатида, Швейцария ва Украина тадбирга тайёргарликни 16-январдаёқ бошлашини айтди.
Зеленский берган изоҳга кўра, саммитга Россия вакиллари таклиф қилинмайди. “Биз суверенитетимизни ва ҳудудий яхлитлигимизни ҳурмат қиладиган дунё мамлакатларининг барчаси учун очиқмиз. Шундай экан, кимларни таклиф этишимиз ҳақида ўзингиз хулоса чиқаринг”, — деди Украина президенти учрашув иштирокчилари ҳақида берилган саволга жавобан.
Аввалроқ Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис Москвани эртами, кечми музокараларга жалб қилиш керак бўлишини, “чунки Россия ўз сўзини айтмасдан туриб, ҳеч қандай тинчлик ўрнатилмаслиги”ни қайд этганди.
Швейцарияда 14-январ куни “тинчлик формуласи” бўйича миллий хавфсизлик маслаҳатчилари даражасида тўртинчи учрашув бўлиб ўтганди. Зеленский идораси хабарига кўра, учрашувда 81 та мамлакат вакиллари қатнашган (Швейцария маълумотлари бўйича 83 та делегация).
Шарҳлар