Сиёсатшунос Аббас Галлямов суд томонидан “армия ҳақидаги фейклар” иши бўйича сиртдан ҳибсга олинди
Москванинг “Басманный» суди сиёсатшунос Аббос Галлямовни “армия ҳақидаги фейклар” иши бўйича сиртдан ҳибсга олди.
“Медиазона” таъкидлаганидек, пойтахт судлари сайтидаги иш материалларида айтилишича, Галлямов Россия армияси тўғрисида “билиб туриб ёлғон” маълумот тарқатгани учун Жиноят кодексининг 207.3-моддаси, учинчи қисми бўйича сиртдан ҳибсга олинган. Унда 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
2023 йил март ойида Россия Ички ишлар вазирлиги Галлямовни қидирувга берганди.
Ишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорга кўра, иш қўзғатилишига сиёсатшуноснинг 2022 йил 9 апрелдаги Украина телеканалининг «1+1» махсус лойиҳаси бўлган «Грошi» YouTube- каналига берган интервьюси сабаб бўлган, дея аниқлик киритади “Медиазона”.
Нашрнинг қўшимча қилишича, ҳужжатда сиёсатшунос “Буча ва Краматорскдаги аҳоли пунктлари вайрон қилингани ва тинч аҳоли ўлдирилгани” ҳақида гапирган.
Галлямов 2023 йил февралида хорижий агент сифатида тан олинган эди.
Шарҳлар