Туркманистондаги ягона мобил оператор сим-карталар сотишни тўхтатди
Туркманистондаги ягона мобил оператор “Алтин Асир” телефонлар учун янги сим-карталар сотишни тўхтатди, деб хабар бермоқда “Азатлик”.
“Компания ходимлари паспорти бор ва сим-карта сўраб мурожаат қилган 16 ёшли фуқароларга рад жавоби бермоқда, уларда бўш телефон рақамлари йўқлигини айтмоқда”, — дея нашрга маълум қилди Ашхобод фуқароси. Унинг сўзларига кўра, авваллари сим-карта сотиб олмоқчи бўлганлар навбатга ёзилган, аммо ҳозир бундай қилиб бўлмаяпти.
Туркманистон пойтахтида яшовчи яна бир фуқаро айтишича, на янги рақамлар учун, на аллақачон мавжудлари учун сим-карталарни на компания марказий идорасида ва на филиалларда олиш мумкин. Энди мижозлар фақат тарифни ўзгартира олади, деди у.
TMCell савдо белгиси остида фаолият юритувчи “Алтин Асир” юзага келган муаммоларни компанияда янги сим-карталар сонини ошириш бўйича техник имконият йўқлиги билан изоҳлади. Компания бу муаммолар ҳақида расман хабар бергани йўқ.
Шарҳлар