ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий бюросига янги раҳбар тайинланди
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюрога Теҳронда ўлдирилган Исмоил Хония ўрнига янги раҳбар тайинланганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У ҲАМАСнинг ҳарбий қанотини бошқарган ва жангариларнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари учун масъул бўлган Яҳъё Синвар бўлди.
61 ёшли Яҳъё Синвар — ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиси, ташкилотнинг ҳарбий қаноти асосчиларидан бири ва жангариларнинг ички хавфсизлик бўлинмаси ҳамасосчиси. У уч марта — 1982, 1985 ва 1988 йилларда Исроил томонидан ҳибсга олинган. 2011 йилда ЦАХАЛ билан алмашинув доирасида Исроил қамоқхонасидан озод этилган. 2015 йилда АҚШ Яҳъё Синварни халқаро террорчилар рўйхатига киритган.
Исмоил Хония 31 июль куни Теҳронда ўлдирилган эди, у ерга Эрон президенти Масъуд Пезешкияннинг инаугурациясига борган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Носир Кананий идора ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбарининг ўлимида Исроилни гумон қилаётганини билдирди. Исроил ҳодисага алоқадорлигини тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ. Эрон ҳукумати Исроилга жавоб зарбаси беришни ваъда қилди.
Шарҳлар