Солиқ хизмати Алексей Навальнийдан қарзни ундиришни талаб қилди

навальный
Фото: Facebook / Алексей Навальный

Москвадаги 23-сонли Федерал солиқ хизмати инспекцияси (ФСХ) россиялик марҳум мухолифатчи Алексей Навальнийдан қарзни ундиришни талаб қилиб судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Медиазона”га таяниб DW хабар беради.

Иш материалларидан маълум бўлишича, Москва солиқ хизмати 8 май куни Москва шаҳридаги 257-сонли келиштирувчи судьясининг суд участкасига ариза топширган. Шу куни судья Данара Сангаджиева ушбу аризани кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этган.

Алексей Навальний “Росфинмониторинг” ташкилотининг «террорчилар ва экстремистлар» реестрида қолмоқда.

Илгари “Росфинмониторинг” Навальнийни “террорчилар ва экстремистлар” рўйхатидан чиқаришдан бош тортган, чунки унинг ўлими ҳақида расмий тасдиқ ололмаган. Бу ҳақда департаментнинг апрель ойи бошида Россиянинг SOTA нашри сўровига жавобида маълум қилинган.

Ямало-Ненец автоном округи федерал жазони ижро этиш хизмати 16 февраль куни тушдан кейин Алексей Навальний Харпдаги колонияда вафот этгани ҳақида хабар берганди. Унинг ўлими ҳақидаги хулосада айтилишича, сиёсатчи табиий сабабларга кўра вафот этган. Сиёсатчининг тарафдорлари у ўлдирилган деб ҳисоблайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.