Совет байроғини юлиб ташлаган Алматалик фуқаро беш суткага қамалди
Алмата шаҳрининг ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий суди 9 май куни бировнинг машинасидан Совет байроғини юлиб ташлаган маҳаллий фуқаро Жанболат Шайзадни беш суткага махсус ҳибсхонага жўнатди.
Эркак майда безориликда айбдор деб топилди. Судда аниқланишича, Шайзад сўкинган ҳолда автомобилларни тўхтатиб, жанжал чиқариб, автомобилга ўрнатилган байроқни юлиб ташлаганида жамоат тартибини бузган.
Qamshy нашрига берган изоҳида алматалик фуқаро россияпараст айирмачилар совет рамзларидан фойдаланган Украина шарқидаги воқеалар уни шундай қадам ташлашга ундаганини айтган. Жанболат Шайзад айтган ҳақоратли сўзлардан афсусда эканини таъкидлаб, байроқдан фойдаланишни провокация деб атади.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ғалаба байрами муносабати билан шаҳар кўчаларида юз берган оғзаки жанжал акс этган видео пайдо бўлган эди. Кадрларда эркак бировнинг машинасидан “Бу Қозоғистон! Фақат Қозоғистон байроғи! Уни олиб кетинг!” дейди.
Воқеадан сўнг Жанболат Шайзаднинг айтишича, унга Алабау туман ИИБдан қўнғироқ бўлиб, келиб тушунтириш хати ёзишни сўрашган. Алматалик фуқаронинг сўзларига кўра, у полицияга келганидан кейин судгача тун бўйи полиция бўлимида ушлаб турилган.
Можаро иштирокчиларидан бири TikTok тармоғига видео жойлаштирган, унда байроқлар ўрнатилган автомобиллар колоннаси акс этган. Кадрларда автомашиналарга Совет байроғидан ташқари бир вақтлар СССР таркибида бўлган давлатлар: Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон байроқлари ҳам маҳкамланганини кўриш мумкин.
Шарҳлар